Ганиева Муборак Адиловна, 1971 йилда туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий. 1993 йилда Қарши давлат университетининг тарих, жамиятшунослик ва давлат ҳуқуқи асослари мутахассислигини тугатган. 2012 йилдан буён педагогика фанлари номзоди. 2018 йил доцент илмий унвони берилган. М.А. Ганиеванинг илмий-педогогик фаолияти давомида давлатимиз ички ва ташқи сиёсатини тўла қўллаб-қувватловчи соғлом фикрли, ахлоқий пок, юқори даражадаги маданиятли, мақсад сари интила оладиган ва ташкилотчилик қобилияти шаклланган. Ўзи ва талабаларга нисбатан талабчан, талаба шахсига ҳурмат билан қаровчи инсон сифатида университет миқёсида ташкил этиладиган маънавий-маърифий, маданий-спорт тадбирларида фаол иштирок этмоқда, истеъдодли ва иқтидорли талабаларнинг турли илмий тадбирлар: конференция, семинарлар, Республика олимпиада ва форумларида иштирок этишларини ташкил этиб келмоқда. 2002 йилда Тошкент шаҳар С. Рахимов туманида ўтказилган “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловида 1-ўринни, шаҳар босқичида эса 2-ўринни эгаллади. 2009 йил 9 ноябрда Олий таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган “Энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг худудий босқичида I-ўрин, 12 ноябрда эса Республика босқичида II-ўринни эгаллади.. Шу билан биргаликда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тажриба-синовдан ўтказилган, бугунги кунда Олий таълим муассасларида амалда фаолият юритиб келаётган “Тюторлик” тизимининг асосчиси ҳисобланади. “Биз буюк юрт фарзандларимиз” ёшлар фестивали доирасида “Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилоти томонидан ўтказилган “Камолот эътирофи – 2016” лойиҳасида “Йилнинг энг яхши Кафедра мудири” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган. Илмий тадқиқот натижалари бўйича 100 дан ортиқ иши эълон қилинган, шулардан 1 та монография, 3 та ўқув қўлланма, 55 та илмий ва 43 та ўқув-услубий иш нашр этилган. Интелектуал мулк агентлиги томонидан 5 та муаллифлик гувоҳномасини қўлга киритган. Ўзбекистонда олий таълим тизими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар талаба ёшларнинг маълум шахсий хусусиятларини шакллантириш, ўқув жараёнига таълим технологияларини лойиҳалаштириш, режалаштириш ва амалга ошириш мақсадида тинмай фаолият олиб бормоқда. Республика миқёсида ўтказилган “Олий ўқув юртида таълим технологиясини лойиҳалаштириш, режалаштириш ва амалга ошириш” бўйича ташкил этилган ўқув семинарларда тренер сифатида қатнашиб, таълим самарадорлигини оширишда ўз ҳиссасини қўшган. 2012-2015 йилларда “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш” бўйича Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида ташкил этилган кўчма семинар-тренингларнинг ташкилотчиси ҳисобланади. Ўрта махсус. касб-ҳунар таълими тизимида таълим технологияларини режалаштириш ва лойиҳалаштириш бўйича ўқитувчиларга амалий ёрдам кўрсатиб, 100 дан ортиқ таълим технологияларини экспертизадан ўтказган. 2017 йил 20 декабрда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган олий ўқув юртлари Ўқув ишлари бўйича проректорларининг “Олий таълимнинг ўқув-услубий фаолиятини илғор халқаро тажрибалар асосида ривожлантириш: таълим сифати ва самарадорлигининг услубий, мазмуний ва техникавий жиҳатлари” мавзусидаги республика ўқув-услубий семинарида “Биринчи курс талабалари учун “Биринчи курс мактаби”, магистратура босқичи биринчи курс талабалари учун “Илмий фаолиятга тайёргарлик асослари” мавзусидаги семинар тренингларни ташкил этиш” мавзусида маърузаси билан иштирок этди. 2017 йил 21 декабрда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган олий ўқув юртлари Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорларнинг “Олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, тарбия тизимининг мақбул усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётда жорий этиш омиллари” мавзусидаги республика услубий семинарида “Олий таълим муассасаларида Мураббийлик тизимини янада такомиллаштириш ишлари” мавзусидаги маърузаси билан фаол қатнашди. Ҳозирги кунда Қўқон университети Таълим сифатини назорат қилиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Университетда талаба-ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмаларини, инновацион ғояларини, ихтирочилик, рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Унинг илмий раҳбарлигида 2022 йил университетда Ўзбекистон хотин-қизлар “Olima” Бошланғич ташкилотини ташкил этди. Бу ташкилотга барча аёл профессор-ўқитувчилар ҳамда иқтидорли талаба-қизларни жалб қилди. 2022 йилда “Бошланғич таълим” йўналиши 4-курс талабаси Бобоқулова Мадина “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловида ғолибликни қўлга киритди ҳамда "InnoWeek-2022" фаол иштирок этиб, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Бошланғия таълим йўналиши 4-курс талабаси Жўраева Азизахон 2022 йилда Республика миқёсида ўтказилган илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш "Зиё форум" халқаро фонди томонидан ташкил этилган "Ўзбекистоннинг ТОП 100 талаба лидерлари" Aлманахига қабул қилинган ҳамда Республика миқёсида ташкил этилган Oliygoh.uz ва iBook.uz лойиҳалари томонидан ташкил этилган "iBook.uz стипендияси" танловида ТОП 20 таликдан жой эгаллади. 2022 йил 2 нафар талабаси Баходирхонова Розияхон (Фарғона вилоятидан) ҳамда Абдураззоқова Марғуба (Тошкент вилоятидан), Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловда Республика босқичида иштирок этди. М.Ганиева Британия Кенгаши томонидан ташкил этилган “Change Academy” дастурида фаол иштирок этиб келмоқда. 2021 йил Бельгиянинг Фан ва таълим технологиялари институтида 3 ой малака ошириш курсларида иштирок этди ҳамда 2023 йил Қозоғистоннинг Атирау университетига Орҳун алмашинув дастури бўйича грантни қўлга киритган. 2023 йил Олий таълим аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланган.