Humanities and Social Sciences | Article | Published 2022
Мазкур илмий мақолада қуйидаги масалалар таҳлил этилган: Абдураҳмон Жомийнинг «Ал-Фавоиду-з-Зиёиййа» асарида феълнинг асосий хусусиятини унинг якка ҳолида ҳам бирон маънога далолат қилиб, яъни мустақил маъно ифодалаб, уч замондан бирига тааллуқли бўлишида, деб ҳисоблаши, шунингдек, олим феълнинг асосий белгиси унга ق د юкламасини, келаси замонда س ва سو ف юкламаларини ва جواز م – яъни феълнинг шарт майлини талаб қилувчи юкламаларни, ҳамда муаннас жинснинг ва бош келишикдаги бирикма олмошларининг сукунли ت ҳарфини қўшилишида эканлигини таъкидлаганлиги кабилар илмий таҳлил этилди ва унга муносабат билдирилди. Шунингдек, мақолада Жомийнинг феълнинг майл юкламалари билан келишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтганлиги, олим феъл майлларининг шакли, уларнинг қўлланилиш ўринлари, муайян шаклни алоҳида талаб қилиб келувчи юкламаларнинг маъноларини тўлиқ очиб берганлиги ҳам ёритилган. Айниқса Абдураҳмон Жомийнинг «феъл» бобининг ўтган ва ҳозирги -келаси замон шакли, буйруқ шакли, ўтимли ва ўтимсиз феъллар, мажҳул нисбат, гумон ва (ишончли) билиш (ёки ўйламоқ ва ҳисобламоқ)ни ифодаловчи маъноли феъллар туркуми, ёрдамчи феъллар, иш-ҳаракатнинг яқинлигини билдирувчи феъллар, ҳайрат (таажжуб)ни ифодаловчи феъллар, мақтов ва таҳқир феъллари ҳақидаги маълумотларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Олимнинг бу феъллар борасида умумий маълумот бериш билан чекланмаслиги, балки мазкур туркумга кирувчи ҳар бир феълнинг гапдаги вазифаларини, маъноларини аниқ ва мукаммал шарҳлаб, муносабат билдириши ва уларни алоҳида туркумлаши кенг шарҳланган. Мақолада Абдураҳмон Жомийнинг ўзига хос услубига алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, айниқса унинг аслиятга кўпроқ эътибор қаратиши кенг ёритилган. Масалан, олим сўзларнинг, грамматик қоидаларнинг асл ўзагини, ясалишини, (этимологиясини) моҳиятини аниқ ифода этиб, чуқур мулоҳаза юритади. Жомийнинг ҳозирги-келаси замон феълининг насб (истак майли шакли) ҳолатида келишини талаб қилувчи أَ ن (...ни), لَ ن (ҳеч қачон, эмас, асло), كَ ى (учун, ниятида), إذ ن (ундай бўлса) юкламаларининг грамматик нуқтаи назардан қандай шаклда ясалганлиги ва ўзгаришга учраганлигини фактик далиллар асосида аниқ маълумотлар берган бўлиб, мақолада мана шу масалалар қиёсий услуб орқали янада кенгроқ ёритиб берилган. Мақолада изланишлар натижасида бошқа мумтоз араб тилшунослик асарларида бундай тўлиқ маълумотларни учратилмаганлиги, бу маълумотлар «Ал-Фавоиду-з-Зиёиййа» асарининг юксак илмий аҳамиятини белгилиб беришини алоҳида ёритиб ўтилди. Тадқиқот натижалари классик араб тилига қизиқувчилар учун манба бўлиб хизмат қилади